- 08.03.2026
Аёл — ҳаёт нафаси ва тафаккур қуёши: Нобель чўққисидан ўзбек айвони қадар
Баҳорнинг илк кунлари билан кириб келадиган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами борлиқнинг уйғониши билан ҳамоҳангдир. Аёл зоти борки, олам нурли, хонадонлар обод. Тарих давомида аёл тимсоли нафақат ҳаёт бахш этувчи она, балки ижодкорлар учун битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб келган.
Адабиёт оламининг энг юксак эътирофи – Нобель мукофоти тарихига назар ташласак, унда ўз сўзи ва овози билан дунёни ўзгартирган матонатли аёлларни кўрамиз. Улар шунчаки ёзувчи эмас, балки инсоният дардини қоғозга туширган виждон эгаларидир.
Тарих саҳифаларини варақласак, ўз ижоди билан инсониятнинг оғриқли нуқталарини ёритган адибаларга дуч келамиз. Бу рўйхатни Нобель олган илк аёл адиба (1909) сифатида Сельма Лагерлёф бошлаб беради. У швед халқ оғзаки ижодини юксак санъат даражасига кўтарган. «Дажжолнинг мўжизалари», «Нильснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати», «Қуддус» каби асарлари орқали дунё адабиётини бойитган.
Скандинавия ўтмиши ва аёл қалбининг тарихий эврилишларини маҳорат билан тасвирлаган Сигрид Ундсет Норвегия адабиётининг буюк сиймоси. У ўзининг «Йенни» автобиографик романи билан аёл қалбининг фожиали қирраларини очиб берган бўлса, машҳур «Лавранс қизи Кристин» трилогияси орқали XIV аср Норвегия ҳаёти ва инсон иродасини юксак маҳорат билан тасвирлади. Адиба никоҳ ва садоқат мавзуларини фалсафий таҳлил қилиб, аёл матонатини тарихий мотивлар орқали дунёга танитди.
Америкалик адиба Перл Бак ўзининг машҳур «Яхши ер» трилогияси учун Нобель мукофотини (1938) қўлга киритган. «Яхши ер» трилогияси ҳамда «Аждарҳо уруғи» каби асарлари билан хитойлик деҳқонларнинг бой ва эпик ҳаётини жаҳонга танитди. Перл Бак Шарқ ва Ғарб маданиятини бирлаштирган инсонпарвар қалб сифатида инсон иродаси ва меҳнатнинг улуғворлигини маҳорат билан тасвирлаган.
Лотин Америкасининг илк «олтин овози» – Габриэла Мистраль она ва бола муҳаббатини самовий оҳангларда куйлаган шоира. Чилилик таниқли шоиранинг «Ўлим сонетлари» туркумида испан шеърияти анъаналари ва индейслар мифологияси уйғунлашиб кетган. Мистраль ўз шеърларида оналик бахтидан маҳрум аёлнинг изтиробларини, фарзандга бўлган илоҳий соғинч ва меҳрини юксак маҳорат ҳамда самимият билан куйлаган.
Тони Моррисон афро-америкалик аёллар ҳаёти, ирқчилик ва инсон қадр-қиммати ҳақида тўлиб ёзган адибадир. 1993 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофотига лойиқ кўрилган америкалик адибанинг «Сулаймон қўшиғи», «Маъшуқа» ва «Жаз» каби романларида қоратанли инсонларнинг миллий ўз-ўзини англаш жараёнини, ҳаёт жабру ситамларига қарши матонати ва руҳий кечинмаларини маҳорат билан тасвирлади. Моррисон асарларида ўтмиш ва замонавий саҳналарни уйғунлаштириб, инсон эрки ва қадр-қиммати масаласини адабиётнинг бош мавзусига айлантирди.
Адабиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган илк беларуслик адиба ва илк тадқиқотчи-журналист Светлана Алексиевич «Урушнинг аёлга бегона қиёфаси» асарида Иккинчи жаҳон урушининг илгари ҳеч қачон очилмаган жиҳатларини аёллар монологи орқали кўрсатиб берди. Алексиевич «Чернобил ибодати» ва «Secondhand вақти» каби асарларида инсониятнинг энг оғир фожиаларини ҳужжатли жанр орқали юракларни титратиб баён қилди. У ўз қалами билан тарихнинг «шовқинсиз» қаҳрамонларига овоз берган ҳақиқий виждон соҳибасидир.
Шунингдек, Нелли Сакснинг яҳудий халқи дарди, Вислава Шимборсканинг фалсафий шеърияти, Дорис Лессингнинг ўткир мантиғи ва Надин Гордимернинг адолат йўлидаги кураши бугунги кун китобхонлари учун ҳақиқий маънавий хазинадир. Ҳерта Мюллер, Элис Мунро, Олга Токарчук ва Луиза Глюк каби ижодкорлар эса замонавий адабиёт чегараларини кенгайтириб, инсон психологиясининг энг нозик қирраларини очиб бердилар.
Жаҳон адабиёти дурдоналари қаторида ўзбек аёл адибаларининг ҳам ўрни беқиёсдир. Абдулла Қодирийнинг Кумушбиби ва Раъно каби қаҳрамонлари бизга ўзбек аёлининг иффати ва заковатини танитган бўлса, миллатимизнинг оташқалб шоиралари бу меросни юксак чўққиларга олиб чиқишди: Зулфияхоним – Ўзбекистон халқ шоираси, лирик шеъриятимизнинг йирик вакили бўлиб, унинг шеърлари садоқат ва муҳаббатнинг тирик рамзига айланди. Саида Зуннунова – ҳам насрда, ҳам назмда аёл қалби кечинмаларини самимий тасвирлаган ижодкор. Гулчеҳра Нуруллаева – ўз шеърияти ва публицистикаси билан миллат дарди ва ижтимоий адолатни куйлади. Ҳалима Худойбердиева – Ўзбекистон халқ шоираси, унинг асарларида она юрт ва ўзбек аёлининг матонати улуғланади. Ойдин Ҳожиева – серқирра ижоди билан аёлнинг жамиятдаги мавқейини юксалтирган шоира.
Бугунги кунда Ойша Шамсиева, Зулфия Қуролбой қизи, Қутлибека, Мунаввара Усмонова, Хосият Рустамова каби ижодкорларимиз ўзбек адабиётининг янги саҳифаларини маҳорат билан битмоқдалар. Уларнинг асарларида аёл нафақат оила чароғбони, балки дунёқараши кенг, маърифатли шахс сифатида гавдаланади.
Сельма Лагерлёфдан Луиза Глюккача, Зулфияхонимдан Ҳалима Худойбердиевагача бўлган бу улуғ рўйхат бир ҳақиқатни тасдиқлайди: аёл зоти нафақат гўзаллик, балки теран тафаккур, ўткир мантиқ ва улкан ижтимоий кучдир.
Юқорида номлари зикр этилган жаҳон ва ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари, уларнинг ҳаёти ва ижоди бир буюк ҳақиқатни тасдиқлайди: аёл киши нафақат нафосат тимсоли, балки улкан ижтимоий куч ва маърифат манбаидир.
Буюк давлат арбоби Индира Ганди таъкидлаганидек: «Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз». Дарҳақиқат, аёлнинг зиёси аввало оиласига, сўнгра бутун жамиятга нур таратади. Шу боисдан ҳам халқимиз орасида юрган ушбу ҳикмат бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир:
«Агар бир эркакни ўқитсангиз, бир шахсни ўқитган бўласиз. Агар бир аёлни ўқитсангиз, бутун жамиятни маърифатли қиласиз».
8 март байрами — бу нафақат гуллар ва табриклар айёми, балки оламни ўз тафаккури ва қалб қўри билан ёритаётган аёлларга бўлган эҳтиром рамзидир. Сельма Лагерлёфдан Зулфияхонимгача, Тони Моррисондан Ҳалима Худойбердиевагача бўлган заковат соҳибалари бизга маърифатли аёл миллатнинг энг катта бойлиги эканини исботлаб бердилар.
Азиз опа-сингиллар, онажонлар! Сизнинг табассумингиз дунёни гўзаллаштиради, маърифатингиз эса уни қутқаради. Қалбингиздан ижод ва мутолаа завқи, хонадонингиздан эса зиё асло аримасин!
Лобар ҚАНДАҲОРОВА
Мижозлар томонидан 0 та фикр билдирилган.