Иван Бунин – Нобель мукофоти лауреати (1933) бўлган биринчи рус ёзувчиси. Таниқли рус шоири ва ёзувчиси 1870 йилнинг 22 октябрида Россиянинг Воронеж шаҳрида туғилган. 1920 йилдан умрининг охиригача Францияда муҳожирликда яшаган. Петербург Фанлар Академияси фахрий академиги (1909). Поезияда рус мумтоз шеърияти анъаналарининг давомчиси («Хазонрезги», 1901). Ҳикоя ва повестларида (кўпинча ўтмишни қўмсаш кайфиятига берилган ҳолда) дворянлар хонадонининг қашшоқлашуви («Антонов олмалари», 1900), қишлоқнинг оғир қисмати («Қишлоқ», 1910; «Қақраган водий», 1911), турмуш маънавий асосларини унутишга маҳкумлик фожиаси («Сан-францисколик жаноб», 1915) яққол тасвирланган. Кундалик тарзидаги «Бадбахт кунлар» (1925 йилда нашр этилган)да Октябрь тўнтариши кескин рад этилган; Россиянинг ўтмишини тиклаш, адибнинг ўз болалик ва ёшлигига қайтиш кайфиятлари акс этган. Севги ҳақидаги ҳикояларида («Митянинг севгиси», 1925); «Қоронғи хиёбонлар» (1943) китобида инсоният тақдирининг фожиавийлиги қаламга олинган. Бунин мемуарлар ёзган. Г.Лонгфеллонинг «Гаявата ҳақида қўшиқ» (1896) асарини таржима қилган. Бунин ўз асарларида инсон руҳиятининг мураккаблигини, севги фожиаларини ва инқилоб давридаги Россия аҳволини маҳорат билан тасвирлаган. У 1953 йилда Францияда вафот этган ва Сент-Женевев-де-Буа қабристонига дафн этилган.