• 28.08.2026

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги: қадриятлар, маърифат ва тараққиёт йўли

Ҳар бир халқнинг қисматида шундай бурилиш нуқталари бўладики, у нафақат тарихни, балки бутун бир миллатнинг қаддини, тафаккурини ва келажагини тубдан ўзгартириб юборади. Ўзбекистон учун 1991 йилнинг 31 августи ана шундай буюк уйғониш палласига айланди. Мустақиллик – шунчаки сиёсий мақом эмас, у чинакам миллий ўзликни англаш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Орадан ўтган 35 йиллик тараққиёт йўлимиз сиёсий, иқтисодий ва беқиёс маънавий ислоҳотлар билан йўғрилди.

 

Тарихий сана ва улуғ мақсадлар

Жорий йилнинг 2 апрель куни Давлатимиз раҳбарининг Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича қабул қилган қарори барчамизга ғурур ва масъулият бағишлади. Бу йилги тўй, бу йилги шодиёна “Битта Ватан, битта халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу шиор остида ўтмоқда. 1924 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва бир асрлик бой тарихга эга нашриётимиз жамоаси ҳам ушбу қутлуғ сана муносабати билан барча юртдошларимизни дилдан қутлайди.

 

Янги қадриятлар ва нашриётимиз ҳиссаси

Байрам доирасида юртимиз бўйлаб улкан бунёдкорлик ва маърифий ишлар қулоч ёзмоқда. Хусусан, келгуси йилларда бунёд этиладиган умуммиллий бирдамлик боғларида “Ватан фидойилари” монументининг қад ростлаши, пойтахтимиз мезбонлик қиладиган халқаро илмий-амалий конференциялар ҳамда хориждаги ватандошларимиз иштирокидаги “Мустақил Ўзбекистон — ғурурим, ифтихорим” маданий тадбирлари миллатни ягона ғоя атрофида бирлаштирмоқда. Нашриётимиз ўзининг адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий асарларни чоп этишдаги кўп йиллик тажрибаси билан китобат оламидаги бу каби улуғвор лойиҳаларда ҳамиша илғорлар сафида туришдан фахрланади.

 

Таълим – тараққиёт драйвери ва жамоамиз салоҳияти

Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни бугун ёшларга берилаётган таълим сифати билан ўлчанади. Билимли, ташаббускор ва ватанпарвар авлодгина жамиятнинг чинакам бойлигидир. Шу сабабли ислоҳотларнинг ўзагига айланган таълим тизимини ривожлантиришда нашриётимиз ҳам ўзининг сифатли ўқув дарсликлари орқали муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу йўлда биз таянган асосий куч – юксак илмий салоҳиятга эга жамоамиздир. Ходимларимиз орасида Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзолари, ўзининг муаллифлик китобларига эга ижодкорлар, тажрибали таржимонлар ва илмий изланишлар олиб бораётган докторантлар фаолият юритади.

 

Соғлом тана, теран тафаккур

Илм-фан ва жисмоний баркамоллик уйғунлиги жамоамизнинг ажралмас қисмидир. Корхонамизда яратилган шароитлар натижасида сафимизда спорт усталари, Ўзбекистон чемпионлари борлиги бизга қўшимча куч ва илҳом бағишлайди.

Ўтган шарафли йўлимизни сарҳисоб қилиб, келажак режаларини белгилаб берувчи Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин! Биз келгуси йилларда ҳам тараққиётга чорловчи асарларни халқимизга етказишдан тўхтамаймиз.

 

Лобар ҚАНДАҲОРОВА, Таҳририят рақамлаштириш бўлими бошлиғи