• 14.10.2026

Қўлёзмадан китобгача: нашриётда нималар бўлади?

Муаллиф қўлёзмани топширган кундан китоб дўкон жавонига чиққунгача одатда бир неча ой ўтади. Бу вақт беҳуда кетмайди: матн камида бешта мутахассис қўлидан ўтади.

Босқичма-босқич

Қабул ва баҳолаш. Муҳаррир қўлёзмани ўқийди, мавзу, тил сифати ва ўқувчи аудиториясини баҳолайди. Натижада нашрга қабул қилиш, қайта ишлашга қайтариш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқади.

Шартнома. Муаллиф билан муаллифлик ҳуқуқи, қалам ҳақи (гонорар), адад ва муддатлар келишилади.

Илмий ва бадиий таҳрир. Муҳаррир матннинг тузилиши, мантиғи ва услуби устида муаллиф билан бирга ишлайди. Бу энг узоқ ва энг муҳим босқич.

Корректура. Имло, тиниш белгилари ва ёзув бирлиги текширилади; ўзбек тилида лотин ва кирилл ёзувидаги атамалар бир хиллигига алоҳида эътибор берилади.

Дизайн ва саҳифалаш. Рассом муқовани яратади, саҳифаловчи шрифт, ҳошия ва расмларни жойлаштиради.

ISBN ва расмийлаштириш. Китобга халқаро стандарт рақами (ISBN) берилади ва у библиографик маълумотлар билан рўйхатга олинади.

Синов нусхаси ва босма. Муаллиф ва муҳаррир синов нусхасини охирги марта кўриб чиқади, сўнг китоб босмахонага юборилади.

Тарқатиш ва тарғибот. Китоб дўконлар, кутубхоналар ва онлайн савдо орқали ўқувчига етказилади, тақдимотлар ўтказилади.

Дунё нашриётларида эса…

АҚШ ва Буюк Британияда йирик нашриётлар қўлёзмани деярли ҳеч қачон муаллифдан тўғридан-тўғри қабул қилмайди. Муаллиф аввал адабий агент топади; агент қўлёзмани саралайди, нашриётга таклиф қилади ва шартнома шартларини муҳокама қилади. Бундай тизимда қўлёзманинг нашрга йўли бир йилдан икки йилгача чўзилиши оддий ҳол.

Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан Германия, Франция ва Японияда муҳаррирнинг роли янада кучли: у муаллиф билан йиллар давомида ҳамкорлик қилади ва унинг «биринчи ўқувчиси» ҳисобланади.

Ўзбекистонда муаллиф нашриётга ўзи мурожаат қилиши мумкин — бу йўлни қисқартиради. Бизнинг вазифамиз — тезликни сақлаган holda халқаро нашриётлардагидек пухта таҳрир ва сифат назоратини таъминлаш!