- 17.02.2026
Ёзувчининг бахти
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори (ПҚ-183) асосида ташкил этилган Болалар контентини ривожлантириш маркази очилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, улар ўтган қисқа вақт ичида замонавий ўзбек болалар адабиётини ривожлантириш йўлида бир қанча ижобий ишларни амалга оширишмоқда. Болалар учун миллий руҳда масал, эртак, ҳикоя ва романлар ёзиш ҳақида танловлар ўтказиш ҳамда ғолиблар китобларини сифатли чоп этиш тўғрисида ўта муҳим ғояларни илгари суришмоқда. Бу ижобий ишлар тез орада ўзининг самарасини бермай қолмайди, албатта. Чунки ёш авлодни турли хил ёт ғоялардан асраш, уларни миллий руҳда тарбиялаш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бу борада яратилаётган китоблар ўқувчиларнинг фикрлаш дунёсини кенгайтиришда яқиндан ёрдам бериши шубҳасиз. Мен ҳам болалар ижодкори сифатида Марказ билан ҳамкорликда ишлаш мақсадида «Сахийқалб ҳақида афсона» номли эртак-романимнинг бошланғич қисмини юборган эдим. Танловда ғолиблар қаторида борлигим қалбимни қувончларга тўлдирди. Ҳар қандай ёзувчи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Аслида бу нафақат мени, балки мен ишлаётган корхонанинг ҳам ютуғидир. Чунки «O‘zbekiston» НМИУ юз йилдан зиёд давр мобайнида халқимизга турли мавзулардаги таълим, тарбия, ахлоқ, ижтимоий-сиёсий ва болалар адабиётига доир турли номдаги китоблар етказиб беради. Эртагимга келсак, унинг қисқача мавзуси ватан озодлиги учун курашдан иборат. Мен болаларга атаб йигирмадан ортиқ ҳар хил мавзуларда китоблар ёзганман. Жумладан, «Баҳайбат калтакесаклар», «Митти ботир», «Ғалати синов», «Қўрқмас ботир ҳақида эртак», «Кичкинтойлар китоби 1–3», «Хаёлимдаги ҳикоялар», «Бибиқжоннинг жасорати» ва ҳоказо. Ёзаётган китобим ҳам болаларнинг севимли китобларидан бирига айланади, деган умиддаман.
Баҳром АКБАРОВ | «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйининг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий ва болалар адабиёти бўлими мудири
Мижозлар томонидан 1 та фикр билдирилган.
Лобар
17.02.2026 17:59Ижодингизга ривож!