Ошиқ Эркин (Эркин Мадраҳимов) 1937 йил 7 майда Хива шаҳрида таваллуд топган. У Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Адибнинг меҳнат фаолияти 1956 йилдан оммавий ахборот воситалари тизимида бошланган. У 1959 йилдан «Ўрта Осиё университети» газетасида масъул котиб, 1961 йилда «Ўзбекистон овози» газетасида, 1962 йилдан Ўзбекистон телерадиокомпаниясида мухбир сифатида фаолият юритган. Шунингдек, 1971-йилдан Боғот туман газетаси муҳаррири, 1974 йилдан бошлаб эса «Қишлоқ ҳақиқати» газеталарининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти бўйича мухбири лавозимларида хизмат қилган. 1986–2010 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлимининг масъул котиби вазифасида самарали меҳнат қилган. Ошиқ Эркин қаламига мансуб 30 га яқин бадиий ва публицистик китоблар нашр этилган. Унинг «Иқбол», «Оҳулар», «Йилга татиган бир тонг», «Ёлғоннинг умри қисқа», «Пўлат ва унинг бобоси», «Тиллақуш», «Меҳринг тушди юракка», «Азим дарё», «Ўлгунча сизни дерман», «Ишқинг тушди юракка» ва «Мужгонингга салламно» каби асарлари шеърият ихлосмандлари ўртасида кенг оммалашган. Ижодкорнинг адабиёт ва маданият соҳасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у «Шуҳрат» медали ҳамда «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган. Ошиқ Эркин 2023 йил 25 февраль куни вафот этди.